ЙИГИРМА БЕШИНЧИ ЁҒДУ.

Йигирма беш даводир

Хасталарга бир малҳам, бир тасалли, маънавий бир рецепт ҳамда хастани зиёрат этиш ва унга шифо тилаш мақомида ёзилган.

ЭСЛАТМА ВА УЗРХОҲ

 

Бу маънавий рецепт ёзилган бошқа рисолаларимиздан кўра тезроқ* таълиф этилганидан, ҳамда улардан фарқли ўлароқ, диққат билан кўриб чиқиш ва тузатишга вақт топилмаганидан, таълифи каби ғоят суръатла, бир мартагина кўздан кечирилди. Демак, қоралама ҳукмида, бетартиб ҳолда қолгандир. Қалбга фитрий бир тарзда келган нарсани тузатиб, чиройли қиламан дея бузиб қўймаслик учун қайта ишлов беришни лозим топмадик. Ўқиган кишилар, хусусан хасталар, баъзи нохуш иборалардан ва ёҳуд оғир калималардан ва ифодалардан сиқилиб хафа бўлмасинлар, менга ҳам дуо қилсинлар

 

Бу Ёғдуда инсониятнинг ўндан бир қисмини ташкил этувчи мусибатзада ва хаста инсонларга ҳақиқий бир тасалли ва фойдали бир малҳам бўла оладиган Йигирма беш Давони қисқача тарзда баён этамиз.

 

-----------------------------------------------------

(*) Бу рисола тўрт ярим соат ичида таълиф этилган.

Тасдиқловчилар: Рушдий, Раъфат, Ҳусрав, Саид.

 

 

 

БИРИНЧИ ДАВО

Эй бечора хаста!

Изтироб чекма, сабр қил. Сенинг хасталигинг сенга дард эмас, балки бир нави дармондир. Чунки умр бир сармоядир, кетади. Мева бермаса зое бўлади. Ҳамда роҳат ва ғафлатда кечса, жуда тез ўтиб кетади. Хасталик сенинг у сармоянгни улкан фойдалар билан мевадор қилади. Ҳам умрнинг тез ўтишига йўл бермайди, тутиб туради, узайтиради... Токи меваларини бергандан сўнг кетсин.

Хуллас, умрнинг хасталик билан узун бўлишига ишора қилган ушбу зарбулмасал тилларда достондир. Яъни: "Мусибат даври жуда узундир, шодлик вақти эса жуда қисқа бўлади".

 

ИККИНЧИ ДАВО

Эй сабрсиз хаста!

Сабр қил, балки шукр қил. Сенинг бу хасталигинг умрнинг ҳар дақиқасини бир соатлик ибодат ҳукмига айлантириши мумкин. Чунки ибодат икки қисмдир.

Бири мусбат ибодатдирки, намоз, ниёз каби маълум ибодатлардир.

Иккинчиси манфий ибодатдирки, хасталиклар, мусибатлар воситаси ила мусибатзада ожизлигини, заифлигини ҳис қилади, Холиқи Раҳиймига илтижо этади, ёлворади. Холис, риёсиз маънавий ибодатга сазовор бўлади.

Ҳа, хасталик ила ўтган бир умр, Аллоҳдан шикоят қилмаслик шарти билан, мўмин учун ибодат ҳисоблангани ҳақида саҳиҳ ривоят бор. Ҳатто баъзи собир ва шокир хасталарнинг бир дақиқалик хасталиги бир соат ибодат ҳукмига ўтгани ва баъзи комилларнинг бир дақиқаси бир кун ибодат ҳукмига ўтгани саҳиҳ ривоят ва авлиёларнинг содиқ кашфиётлари ила собитдир.

Умрингнинг бир дақиқасини минг дақиқа ҳукмига келтириб, сени узун бир умрга эриштирадиган хасталикдан шикоят эмас, ташаккур эт.

 

УЧИНЧИ ДАВО

Эй бардошсиз хаста!

Инсон бу дунёга хурсандчилик ва лаззат олиш учунгина келмаганига далил, тинимсиз равишда келувчиларнинг кетиши ва ёшларнинг кексайиши ва давомли тарзда завол ва фироққа дуч келишидир.

Ҳам инсон жонзотларнинг энг мукаммали, энг юксаги ва аъзолар жиҳатидан энг бойи, балки жонзотларнинг султони ҳукмида экан, ўтиб кетган лаззатларни ва келажакда келадиган балоларни ўйлаш билан ҳайвондан ҳам паст даражада, қайғули, машаққатли бир ҳаёт кечиради.

Демак, инсон бу дунёга фақат гўзал яшаш ҳамда роҳат ва хурсандчилик билан умр кечириш учунгина келмаган, балки қўлида улкан сармояси бўлган инсон бу ерга абадий, доимий ҳаётнинг саодатини тижорат ила қозониш учун келган. Унинг қўлига берилган сармоя эса умрдир. Агар хасталик бўлмаса сиҳат-саломатлик ғафлат беради, дунёни ёқимли кўрсатади. Охиратни унутдиради... Қабрни ва ўлимни хотирлашни истамайди... Умр сармоясини ҳавога совуради, бехудага сарф қилади.

Хасталик эса бирдан унинг кўзини очади. Вужудига ва жасадига дейдики: "Лоямут (мангу) эмассан, бебош эмассан, бир вазифанг бор. ўурурни ташла, сени яратганни ўйла, қабрга киришингни бил, шунга кўра ҳозирлан". Хуллас, хасталик бу нуқтаи назардан ҳеч алдамайдиган бир насиҳатчи ва танбеҳ берувчи йўлбошчидир. Ундан шикоят эмас, балки бу жиҳатда унга ташаккур этмоқ, агар жуда оғир келса сабр истамоқ даркор...

 

ТЎРТИНЧИ ДАВО

Эй шикоятчи хаста!

Сенинг ҳаққинг шикоят эмас, шукрдир, сабрдир. Чунки сенинг вужудинг ва аъзо ва жиҳозларинг сенинг мулкинг эмас. Сен уларни ясаб олмагансан, ёки бирор жойдан сотиб олмагансан. Демак, бошқа бировнинг мулкидир. Уларнинг молики(1) мулкини истаганидек тасарруф(2) этади.

Йигирма Олтинчи Сўзда айтилганидек, масалан, ғоят бой, ғоят моҳир бир санъаткор гўзал бир санъатини, қийматдор сарватини(3) намойиш этиш учун мискин бир одамни маълум бир ҳақ эвазига моделликка ёллаб, келишилган муддат ичида безакли ва ғоят моҳирона тиккан ҳуллани (яъни, кўйлакни) у фақирга кийдиради. Унинг устида ишлайди ва ҳар хил вазиятга солади. ғаройиб санъатининг навларини кўз-кўз қилиш учун кесади, алмаштиради, узайтиради, қисқартиради.

Ажабо, кирага ёлланган шу мискин одам у зотга: "Менга заҳмат бераётирсан... ҳадеб эгилтириб-турғизавериб мени қийнаб юбординг... бу кўйлак менга ярашган эди, уни кесиб-қисқартириш билан гўзаллигимни бузяпсан," дейишга ҳаққи бўладими? "Марҳаматсизлик, инсофсизлик қилдинг," дейиши мумкинми?

Хуллас, айнан шу мисол сингари, Сониъи Зулжалол сенга, эй хаста!, кўз, қулоқ, ақл, қалб каби нурли туйғулар билан безаб кийдирган жисм кўйлагини Асмои Ҳусносининг нақшларини намойиш этиш учун ҳар хил холатларга солиб, сени айлантиради ва турли вазиятларда ўзгартиради. Сен очлик туфайли унинг ризқ бергувчи Раззоқ исмини таниганинг каби, шифо бергувчи Шофий исмини хасталигинг орқали бил.

Аламлар, мусибатлар айрим исмларининг аҳкомини кўрсатганлари учун уларда ҳикматдан ёғдулар ва раҳматдан шуълалар ҳамда у шуълалар ичра кўп гўзалликлар бўлади. Агар парда очилса, сен қўрққан ҳамда нафратланган ўша хасталик пардасининг ортида ёқимли ва гўзал маъноларни топасан.

 

БЕШИНЧИ ДАВО

Эй дардга мубтало хаста!

Бу замонда тажрибаларла қаноат ҳосил қилганманки, хасталик баъзиларга бир эҳсони Илоҳийдир, бир ҳадяи Раҳмонийдир. Сўнгги саккиз-тўққиз йилдир, лойиқ бўлмасам ҳам, баъзи ёшлар хасталиги туфайли олдимга дуо сўраб келдилар. Шуниси диққатимни торттики, қайси касалманд ўсмир билан кўришмай, бошқа ёшлардан фарқли ўлароқ, охиратини ўйлай бошламоқда. Ёшлик сархушлиги йўқ. ғафлат босган ҳайвоний ҳаваслардан бир даража ўзини тийган. Мен ҳам уларнинг бардош берса бўладиган бу хасталиклари бир эҳсони Илоҳий эканини уларга хотирлатар эдим. Дердим:

"Қардошим, сенинг бу хасталигингга қарши эмасман. Хасталигинг учун сенга шафқат ҳис этиб ачинмаяпманки, дуо қилсам. Хасталик сени батамом уйғотгунгача сабр қилишга интил. Хасталик ўз вазифасини битиргандан сўнг Холиқи Раҳийм, иншоаллоҳ, шифо беради".

Яна дердим:"Сенинг айрим тенгдошларинг соғлиқ балоси ила ғафлатга тушиб, намозни тарк этиб, қабрни ўйламай, Аллоҳни унутиб, дунё ҳаётининг бир соатлик зоҳирий лаззати ила ҳадсиз бўлган абадий ҳаётини бузаётир, балки хароб этаётир. Сен хасталик кўзи билан, ҳар қандай ҳолда ҳам борадиган бир манзилинг бўлмиш қабрингни ҳамда орқасидаги охират манзилларини кўряпсан ва шунга кўра ҳаракат қиляпсан. Демак, сенинг учун хасталик бир сиҳатдир, баъзи тенгдошларингдаги сиҳат эса, бир хасталикдир".

 

ОЛТИНЧИ ДАВО

Эй аламдан шикоят қилаётган хаста!

Сендан сўрайман, ўтган умрингни эсла ва у умрда ўтган лаззатли, хурсандчилик кунларингни, қайғули ва аламли дамларингни хотирла. Ҳар ҳолда ё "Эҳ!", ё "Оҳ!" дейсан. Яъни, қалбинг ва тилинг ё "Алҳамдулиллоҳ, шукр" дейди, ёхуд "Эй воҳ, афсус!" дейди.

Эътибор бер, сенга "Оҳ, алҳамдулиллоҳ, шукр," дегизган, сенинг бошингдан ўтган аламлар ва мусибатларнинг ўйидир. Булар бир маънавий лаззатни қўзғайдики, сенинг қалбинг шукр этади. Чунки аламнинг заволи лаззатдир. У аламлар, у мусибатлар завол топиши билан руҳда бир лаззатли мерос қолдирганки, уни эслаб қўзғасанг, руҳдан лаззатли шукрлар сизиб чиқади.

Сенга "Эй воҳ, эй афсус" дегизган нарса эса, бир вақтлар кечирган шундай лаззатли ва сурурли ҳолларингдирки, заволлари билан сенинг руҳингда доимий бир алам қолдириб, қачон ўйласанг, у алам яна қўзғалиб, надомат ва ҳасрат оқизади.

Модомики бир кунлик ношаръий лаззат баъзан бир йиллик маънавий алам чектирар экан ва вақтинча бўлган бир кунлик хасталик туфайли келган алам кўп кунлик маънавий лаззатни, яъни савобни берар экан, ҳамда заволидаги халос ва қутулишдан туғилувчи маънавий лаззатни ҳам берар экан, демак, бошингдаги ҳозирги бу вақтинчалик хасталикнинг натижасини ва савобини ўйла. "Бу ҳам ўтар, ё Ҳу!" де, шикоят ўрнига шукр қил.

 

ОЛТИНЧИ ДАВО (Изоҳ)

-------------------------------------------------------

(Изоҳ) Бу "Ёғду" фитрий бир тарзда хотирлатилганидан, олтинчи мартабада икки даво ёзилган. Фитрийлигини бузмаслик учун ўшандайлигича қолдирдик; балки бир сир бордир дея ўзгартирмадик.

---------------------------------

Эй дунё завқини ўйлаб, хасталикдан изтироб чекаётган қардошим!

· · · · · · Бу дунё агар доимий бўлсайди;

· · · · · · ва йўлимизда ўлим бўлмасайди;

· · · · · · ва фироқ ва заволнинг шамоллари эсмасайди;

· · · · · · ва мусибатли, тўфонли истиқболда маънавий қиш мавсумлари бўлмасайди, мен ҳам сен билан бирга сенинг ҳолингга ачинган бўлардим.

Аммо модомики бир кун келиб дунё бизга: "Қани, ташқарига!" деб, фарёдимизни тингламас экан, у бизни ташқарига қувмасдан бурун биз бу хасталик танбеҳи ила ҳозирданоқ унинг ишқидан воз кечмоғимиз керак. У бизни тарк этмасдан аввал, қалбан уни тарк этишга интилмоғимиз лозим.

Ҳа, хасталик бу маънони бизга хотирлатиб дейдики: "Сенинг вужудинг тошдан, темирдан эмас. Балки доимо парчаланмоққа мойил хилма-хил моддалардан таркиб топган. ўурурни ташла, ожизлигингни тан ол, моликингни тани, вазифангни бил, дунёга нима учун келганингни ўрган," дея, қалб қулоғига яширин шивирлайди.

Ҳам модомики дунёнинг лаззати, завқи давомли эмас экан ва хусусан ҳалол бўлмаса, ҳам давомсиз, ҳам аламли, ҳам гуноҳли экан, у завқни йўқотганингга хасталикни баҳона қилиб йиғлама. Аксинча, хасталикдаги маънавий ибодат ва охиратга оид савоб жиҳатини ўйла, ундан завқ олишга интил.

 

ЕТТИНЧИ ДАВО

Эй сиҳатининг лаззатини йўқотган хаста!

Сенинг хасталигинг сиҳатдаги Илоҳий неъматнинг лаззатини қочирмайди, аксинча, тоттиради, зиёдалаштиради. Чунки бир нарса давомли бўлса, таъсирини йўқотади. Ҳатто ҳақиқат аҳли бир овоздан дейдики:   Яъни, "Ҳар нарса зидди ила билинади".

Масалан, қоронғилик бўлмаса, ёруғлик билинмайди, лаззатсиз қолади.

Совуқ бўлмаса, ҳарорат англашилмайди, завқсиз қолади.

Ташналик бўлмаса, сув ичиш лаззат бермайди.

Дард бўлмаса, саломатлик завқсиздир.

Касаллик бўлмаса, сиҳат лаззатсиздир.

Модомики, Фотири Ҳакийм инсонга турли ҳил эҳсонини билдиришни ва ҳар бир неъматини тоттиришни ва инсонни доимо шукрга ташвиқ қилишни истаётганини бу коинотда хилма-хил, беҳисоб неъмат навларини тотадиган, танийдиган даражада ғоят кўп аъзолар билан инсонни жиҳозлагани кўрсатаётган экан, албатта сиҳат-саломатликни бергани каби, хасталикларни, иллатларни, дардларни ҳам беражак.

Сендан сўрайман: "Бу хасталик сенинг бошингда ё қўлингда ёки меъдангда бўлмасайди, сен бошинг, қўлинг ва меъдангнинг сиҳатидаги лаззатли, завқли неъмати Илоҳияни ҳис этиб шукр қилармидинг?"

Албатта, шукр у ёқда турсин, ҳатто ўйламас ҳам эдинг, шуурсиз ҳолда у сиҳатни ғафлатга, балки гуноҳларга сарф этган бўлардинг.

 

САККИЗИНЧИ ДАВО

Эй охиратини ўйлаётган хаста!

Хасталик совун каби гуноҳларнинг кирларини ювади, тозалайди. Хасталиклар гуноҳларга каффорат экани саҳиҳ ҳадис ила собитдир. Ҳамда ҳадисда борки: "Меваси пишган дарахтни силкитганда мевалари қандай тўкилса, иймонли бир хастанинг титраши ҳам худди шундай гуноҳларни тўкади".

Гуноҳлар абадий ҳаётда доимий хасталиклардир, бу дунё ҳаётида эса қалб, виждон ва руҳ учун маънавий хасталиклардир. Сен агар сабр этиб шикоят қилмасанг, ушбу вақтинчалик бир хасталик эвазига доимий бўлган жуда кўп хасталиклардан қутуласан.

Агар гуноҳ қилишдан қўрқмасанг ёхуд охиратни билмасанг ё Аллоҳни танимасанг, сенда шундай даҳшатли бир хасталик борки, сендаги бу кичик хасталикдан миллион марта каттароқдир. Ўшандан фарёд қил.

Чунки қалбинг, руҳинг ва нафсинг дунёнинг барча мавжудоти ила алоқадордир. Давомли суратда фироқ ва завол ила у алоқа кесилиб, сенда ҳадсиз яралар очилади. Хусусан, охиратни билмаганинг ва ўлимни абадий йўқлик деб ўйлаганинг учун гўё яра-чақа босган, дунё қадар хаста бир вужудинг бор.

Хуллас, энг аввал, ҳадсиз ярали ва беҳисоб хаста бу буюк маънавий вужуднинг ҳадсиз хасталикларига қатъий бир дори ва қатъий шифобахш бир дармон бўлмиш иймон дорисини изламоқ ва эътиқодини тузатмоқ керакдирки, у дорини топишда энг қисқа йўл бу моддий хасталик йиртган ғафлат пардаси остида сенга ожизлигинг ва заифлигинг орқали ўзини кўрсатаёган бир Қодийри Зулжалолнинг қудратини ва раҳматини танимоқдир.

Ҳа, Аллоҳни танимаганнинг бошида дунё тўла бало бор. Аллоҳни таниганнинг дунёси нур ва маънавий сурур ила тўладир. Ҳар ким даражасига кўра, иймон қуввати ила ҳис этади. Бу иймондан келган маънавий сурур ва шифо ва лаззат остида жузъий моддий хасталикларнинг алами эзилиб, эриб кетади.

 

ТЎҚҚИЗИНЧИ ДАВО

Эй Холиқини таниган хаста!

Хасталиклардаги алам ва таваҳҳуш ва қўрқинч хасталик баъзан ўлимга сабаб бўлгани учундир. Ўлим ғафлат назарида ва зоҳиран даҳшатли бўлгани учун, унга сабабчи бўлиши мумкин бўлган хасталиклар ҳам инсонни қўрқитади, ташвишга солади.

Аввало, бил ва қатъий иймон келтирки: Ажал тақдир қилингандир, ўзгармайди. Оғир хасталарнинг бошида туриб йиғлаган қанча соғлом кишилар вафот этган, у оғир хасталар эса соғайиб кетиб яшаганлар.

Иккинчидан, ўлим суратан кўринганидек даҳшатли эмас. Кўп рисолаларда ғоят қатъий, шак-шубҳасиз бир тарзда, Қуръони Ҳакийм берган нур ила исбот этганмизки:

Аҳли иймон учун ўлим ҳаёт вазифаси юкидан озод этилишдир.

Ҳам имтиҳон бўлган бу дунё майдонида таълим ва таълимот бўлган ибодатлардан бўшатилишдир.

Ҳам нариги оламга кетган юздан тўқсон тўққиз аҳбоб ва ақрабосига қовушмоқ учун бир воситадир.

Ҳам ҳақиқий ватанига ва абадий саодат маконига кириш учун бир воситадир.

Ҳам дунё зиндонидан жаннатлар бўстонига бир даъватдир.

Ҳам Холиқи Раҳиймнинг фазлидан ўз хизмати эвазига ажр олиш учун бир навбат кутишдир.

Модомики ўлимнинг моҳияти ҳақиқат нуқтасида бу экан, унга даҳшат билан эмас, билъакс, роҳат ва саодатнинг бошланиши деб қараш керак.

Ҳам Аллоҳнинг дўстларидан бир қисмининг ўлимдан қўрқишлари, ўлимнинг даҳшатидан эмас. Балки янада кўпроқ хайр қозонаман дея, ҳаёт вазифасининг давом этишидан қозонадиган хайр-ҳасанотлари учундир.

Ҳа, аҳли иймон учун ўлим раҳмат эшигидир, залолат аҳли учун абадий зулматлар қудуғидир.

 

ЎНИНЧИ ДАВО

Эй беҳуда ташвиш чекаётган хаста!

Сен хасталикнинг оғирлигидан хавотирдасан. Бу хавотиринг сенинг хасталигингни оғирлаштиради. Хасталигингнинг енгиллашишини истасанг, хавотир олмасликка интил. Яъни, хасталикнинг фойдаларини, савобини ва тез ўтишини ўйла, хавотирни қўй, хасталикнинг илдизини кес.

Ҳа, хавотир хасталикни икки баробар кучайтиради. Моддий хасталик соясида, қалбингга маънавий бир хасталик беради; моддий хасталик унга таянади, давом этади. Агар таслимият билан ва ризо ва хасталикнинг ҳикматини ўйлаш ила у хавотир кетса, моддий хасталикнинг муҳим бир илдизи кесилади, енгиллашади, қисман кетади. Хусусан, бир дирҳам моддий хасталик баъзан ваҳима ила хавотирланса ўн дирҳамчалик катталашади. Хавотир хасталикни зиёдалаштирганидек, ҳикмати Илоҳияга туҳмат ва раҳмати Илоҳияни танқид ва Холиқи Раҳиймдан шикоят ҳукмидадир. Шу боис ҳам мақсадининг акси бўлиб, таъзирини ейди, хасталиги кучаяди.

Ҳа, шукр неъматни зиёдалаштирганидек, шикоят хасталикни, мусибатни кучайтиради.

Бунинг устига, хавотирнинг ўзи ҳам бир хасталикдир. Унинг чораси хасталикнинг ҳикматини билмоқдир. Модомики ҳикматини, фойдасини билдинг, у малҳамни хавотирга сурт, қутул. "Вой" ўрнига "Оҳ" де, "Эҳ афсус!" ўрнига "Алҳамдулиллоҳи ала кулли ҳол," де.

 

ЎН БИРИНЧИ ДАВО

Эй сабрсиз хаста биродар!

Хасталик ҳозир сенга алам бериши билан бирга, хаста бўлган илк кунингдан бугунга қадар у хасталикнинг заволидаги маънавий бир лаззат ва савобидаги руҳий бир лаззатни ҳам беради. Бугундан, балки бу соатдан эътиборан энди хасталик йўқ. Албатта, йўқдан алам йўқ. Алам бўлмаса изтироб ҳам бўлмайди. Сен янглиш бир суратда ваҳима этаётганинг учун сабрсизлик қиляпсан.

Чунки бугунгача бутун хасталик пайтингнинг моддий томони кетиши билан бирга, алами ҳам кетган, ўзидан савоб ва заволидан лаззат қолдирган. Сенга фойда ва сурур бериши лозим бўлар экан, уларни ўйлаб алам чекмоқ ва сабрсизлик қилмоқ девоналикдир. Келажак кунлар ҳали келмаган экан, уларни ҳозирдан ўйлаб ҳали келмаган бир кунда, ҳали йўқ бир хасталикдан, ҳали йўқ бир аламни олдиндан ўйлаб алам чекиш, сабрсизлик кўрсатиб, уч мартаба йўқ нарсага вужуд рангини бериш девоналик бўлмаса, нима?

Модомики, бу соатдан аввалги хасталик пайтлари сурур бермоқда экан ва модомики, бу соатдан кейинги замон йўқ, хасталик йўқ, алам йўқ экан, сен Жаноби Ҳақнинг сенга берган бутун сабр қувватини бундай ўнгу-сўлга совурма, ҳозирги нақд бўлган аламга қарат, "Ё Собур!" де, таян.

 

ЎН ИККИНЧИ ДАВО

Эй хасталик туфайли ибодат ва зикрларини қилолмай қолган ва у маҳрумиятдан афсусланаётган хаста!

Билки, ҳадисда собитдирки, "Тақводор бир мўмин хасталик туфайли қилолмай қолган доимий зикрининг савобини хасталик вақтида ҳам қозонаверади". Фарзни мумкин қадар адо этган бир хаста, агарда уларни сабр ва таваккул ила адо этса, у оғир хасталик вақтидаги бошқа суннатларнинг ўрнини, бўлиб ҳам холис бир суратда, хасталик тўлдиради.

Ҳам хасталик инсонга ожизлигини, заифлигини ҳис эттиради. Унга ўзининг ҳамда ожиз ва заиф ҳолатининг тили ила бир дуо қилдиради. Жаноби Ҳақ инсонга ҳадсиз бир ожизлик ва бениҳоя бир заифлик берган, токи доимо даргоҳи Илоҳияга илтижо қилиб ниёз этсин, дуо қилсин.

, Яъни "Агар дуоингиз бўлмаса, нима аҳамиятингиз бор?"  оятининг сирига кўра, инсон яратилишининг ҳикмати ва қийматининг асоси бўлган дуо ва ниёзга хасталик бир сабаб бўлганидан, бу нуқтаи назардан шикоят эмас, Аллоҳга шукр қилиш ва саломатликка эришганда хасталик очган дуо чашмасини беркитмаслик керак.

 

ЎН УЧИНЧИ ДАВО

Эй хасталикдан шикоят этувчи бечора одам!

Хасталик баъзилар учун муҳим бир хазинадир, ғоят қийматдор Илоҳий бир ҳадядир. Ҳар бир хаста ўз хасталигини шу хилдан деб тасаввур қилиши мумкин.

Модомики ажал вақти муайян эмас ҳамда Жаноби Ҳақ инсонни мутлақ умидсизлик ва ғафлатдан қутқариш учун хавф ва рижо (умид) ўртасида, ҳамда дунёю-охиратни муҳофаза этиш нуқтасида тутиб туриш учун ҳикмати ила ажални яширган ва модомики ҳар вақт ажал келиши мумкин экан, агар инсонни ғафлат ҳолида босса, абадий ҳаётига кўп зарар бериши мумкин. Хасталик ғафлатни аритади, охиратни ўйлаттиради, ўлимни ёдга солади, инсон унга кўра ҳозирланади. Баъзан шундай бир фойдаси бўладики, йигирма йилда эришолмаган бир мартабага йигирма кунда эришади.

Жумладан, дўстларимиздан – Аллоҳ раҳмат қилсин – икки йигит бор эди. Бири Иломалик Сабрий, иккинчиси Исломкўйлик Вазирзода Мустафо. Булар иккиси талабаларим ичида ёзишни билмагани ҳолда, самимиятда ва иймон хизматида энг олдинги сафда туришларини ҳайратла кузатардим. Ҳикматини билмасдим. Вафотларидан сўнгра англадим. Ҳар иккисида ҳам жиддий бир хасталик бор экан. У хасталик туфайли бошқа ғофил, фарзларни тарк этган ёшлардек қолмай, жуда тақводор ҳолда ва энг қийматдор бир хизматда ва охиратга фойдали бир вазиятда бўлдилар. Иншоаллоҳ, икки йиллик хасталик заҳмати абадий ҳаётнинг миллионлаб йил саодатига сабаб бўлди.

Ҳозир англаяпманки, мен уларнинг сиҳати учун қилган баъзи дуоларим дунё эътибори ила баддуо бўлган. Иншоаллоҳ, у дуоим охират сиҳати учун қабул бўлган.

Хуллас, эътиқодимча, бу икки зот икки йил ичида, тақво ила ўн йилда қўлга киритиладиган ютуқчалик бир савоб топдилар. Агар иккови, баъзи бир ёшлар каби, сиҳат ва ёшлигига ишониб ғафлат ва сафоҳатга отилсайдилар, ўлим ҳам уларни кўзлаб, пойлаб, том гуноҳларнинг ифлосликлари ичида ёқаласайди, у нурлар хазинаси ўрнига қабрларини чаёнлар ва илонлар инига айлантирган бўлар эди.

Модомики хасталикларнинг бундай манфаати бор экан, ундан шикоят эмас, таваккул ва сабр, балки шукр қилиб, раҳмати Илоҳияга таянмоқ керак.

 

ЎН ТЎРТИНЧИ ДАВО

Эй кўзига парда тушган хаста!

Агар аҳли иймоннинг кўзига тушган парданинг остида қандай нур ва маънавий бир кўз борлигини билсанг, "Юз минг шукр Рабби Раҳиймимга!" дердинг. Бу малҳамни изоҳлаш учун бир ҳодиса сўйлайман. Яъни:

Менга саккиз йил камоли садоқат-ла ҳеч ранжитмай хизмат қилган Барлалик Сулаймоннинг аммасининг бир вақт кўзи кўрмай қолди. У солиҳа аёл мен ҳақимда ҳаддимдан юз даража ортиқ ҳусни зон1 (яхши гумон) қилиб, "Кўзимнинг очилиши учун дуо эт," дея жоме масжиди эшигида мен